Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясига АҚШдаги Вебстер университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация ташриф буюрди.
Университетнинг Фан ва саломатли коллежи декан муовини, PhD Жил Огулье бошчилигида делегация аъзолари ташриф давомида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришнинг истиқболлари, биргаликда кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш борасидаги устувор вазифаларни муҳокама қилишди.
Жумладан, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси базасида АҚШ таълим стандартлари асосида олий маълумотли ўрта тиббиёт ходимлари тайёрлашни йўлга қўйишнинг истиқболлари, ушбу ўқув курсларини ташкил этиш борасида ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар борасида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, ҳамкорликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ушбу йўналишда таълим оладиган талабаларнинг амалиёт жараёнларини ташкил этиш ҳамда битирувчиларни иш билан таъминлаш борасидаги устувор вазифалари муҳокама қилиб олинди. Ташриф давомида Вебстер университети делегацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.