Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли қарори билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” этиб белгиланган ва ушбу кунда бир қатор тадбирларни амалга ошириш белгилаб қўйилган.
Жумладан, ҳуқуқбузарликларга муросасизлик маданиятини шакллантириш, ҳуқуқий нигилизмга барҳам бериш ва фуқароларнинг қонунга итоаткорлик хулқ-атворини оммалаштиришга қаратилган, шу жумладан ички ишлар органлари таянч пунктлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат идоралари ва ташкилотларида “очиқ эшиклар куни”ни ташкил этиш орқали тизимли
чора-тадбирларни амалга ошириш;
қонунийлик аҳволини ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини атрофлича муҳокама қилиш учун жойларда, биринчи навбатда криминоген вазият номақбул бўлган ҳудудларда фуқароларнинг сайёр қабулларини ҳамда давлат идоралари ва ташкилотлари вакилларининг аҳоли билан учрашувларини ташкил этиш шулар сирасига киради.
2023 йил 27 сентябрь куни Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида ўтказилган “Профилактика куни”да талабалар билан айнан шу жиҳатлар муҳокама қилиб олинди. Ушбу учрашувда Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ёшлар масаласи бўйича катта инспектори, капитан Ф. Саидов, капитан Н. Адилханова, лейтенант, Ж.Турлиев, Кибержиноятчиликка қарши кураш бўлими масъул ходими, капитан Д.Тўраев, лейтенант А. Инамов, Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 5-сон Ички ишлар бўлими Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ёшлар масалалари бўйича профилактика катта инспектори, лейтенант Сабина Баратова иштирок этди.
Учрашувда иштирок этганлар жамоатчилик тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтишди. Жумладан, капитан Д. Тўраев бугунги кунда кенг учраётган кибержиноятчилик турлари, уларга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди Капитан Ф. Саидов ёшлар орасида жиноятчиликнинг кенг тарқалаётгани ва унинг вужудга келишига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида сўз юритди. Ёшлар орасидаги бефарқлик ва лоқайдлик каби иллатлар ушбу жиноятларнинг кенг илдиз отишига олиб келаётганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, жамоат жойлари ва уларда жамоат тартибини сақлашга доир тушунчаларни берди. У талабалар томонидан жамоат жойларида йўл қўйилаётган хато ва қонунбузилиш ҳолатларини атрофлича таҳлил қилиб берди.
Тадбир якунида талабаларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.