2024 йил 10 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида “Менинг армиям — менинг фахрим” мавзусида ҳарбий ватанпарварлик тадбири ташкил этилди. Ушбу тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад талабаларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидан хабардор этиш, уларда Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссини сингдириш саналади.
Тадбирда Академия талабалари, профессор-ўқитувчилари ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар Қуролли Кучларимизнинг шаклланиш тарихи, дастлабки даврдаги муаммолар, бугунги кунда эришилаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Жумладан, Тошкент шаҳар Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Йўлдошали Раҳмонов Қуролли Кучлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритди. У ўз сўзида ёшларни ватанпарварлик, шу жумладан, ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш зарурлигини чуқур сингдириш, “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
Тошкент вилоят Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Орифжон Тўлаганов бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, қилинаётган ғамхўрлик ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, у ўз сўзида Ватан фақатгина қурол билангина ҳимоя қилинмаслиги, ҳар бирор ёш ўзи танлаган мутахассислигини мукаммал эгаллаш орқали ҳам ўз юртини ҳимоя қила олиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясининг Ўқув ишлари бўйича 1-проректори Абдухалил Атаматов ўз сўзида ёш авлод тарбиясида бундай учрашувларнинг муҳим эканлиги, авлодлар ўртасидаги узвийликни таъминлашнинг самарали воситаси эканлигини таъкидлади. Шу билан бир қаторда, миллий армиямизнинг тарихини теран билиш ҳар бир ёш учун муҳим эканлигига тўхталди.
Тошкент ҳарбий округи оркестри ва яккахон хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, Академия талабалари томонидан тайёрланган чиқишлар тадбирга ўзига хос жозиба бағишлади.
Тадбир якунида барча фахрийларга Академиянинг эсдалик совғалари топширилди.