Сўнгги йилларда таълим тизимида, жумладан, олий таълимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юз берган ўзгаришлар ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан катта тарихий аҳамиятга эга. Амалга оширилган ислоҳотлар нафақат мамлакатимизда катта ижобий ўзгаришларга олиб келди, шу билан бирга халқаро майдонда ҳам мамлакатимиз обърў-эътиборини янги босқичга олиб чиқди. Бу борада қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ малакали кадрларни тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, соҳага оид муаммоларни илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш мақсадида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил қилинди. Жорий йилда Академиядаги мавжуд еттита йўналишга 183 нафар талаба биринчи курсга ўқишга қабул қилинди.
Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида 2023/2024-ўқув йилида талабаликка қабул қилинган талабаларни табриклаш, уларни Академия ҳаёти билан яқиндан таништириш мақсадида жорий йилнинг 11 октябрь куни “Талабаликка бағишлов” тадбири ташкил этилди. Тадбирда Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.
Тадбирда 1-курс талабалари вакиллари “Талабалаик қасамёди”ни қабул қилишди. Шундан сўнг талабаларни Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ректори С.Н. Ахмедов табриклади ва талабалик бахтига мушарраф бўлган бахтиёр ёшларга Академиянинг рамзий калити, “Талабалик гувоҳномаси” ва “Рейтинг дафтарчаси”ни тантанали равишда топширар экан, уларга аъло баҳога ўқишлари, муносиб инсон бўлиб камолга етишларида муваффақиятлар тилади.
Тадбир давомида 1-курсга қабул қилинган талабалар Академия раҳбарияти ва масъул ходимлар билан таништирилди. Ўз навбатида талабаларни Академия профессор-ўқитувчилари номидан ҳуқуқ фани ўқитувчиси Анварбек Йўлдошбеков табриклади ва талабаларнинг келгусидаги ўқишларида муваффақиятлар тилади. Талабалар вакилларидан 103-гуруҳ талабалари Барчиной Суюнова, Қувончбек Норов ҳамда 109-гуруҳ талабаси Азиза Акбарова ўз тенгдошларига қалб сўзларини етказишди.
Тадбир давомида талабалар томонидан тайёрланган шўх рақслар, шеърлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Азамат Ахмедов ижро этган куй қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.