Ўзбекистон Касаба уюшмалари академияси делегацияси Мўғулистонга ташриф буюрди. Ташрифдан кутилган асосий мақсад, Мўғулистон Касаба уюшмалари Конфедерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси билан ҳамкорлик ўрнатиш, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида мўғулистонлик мутахассисларни тайёрлаш масалаларини муҳокама қилиш саналади.
Ўзбекистон делегациясини Мўғулистон Касаба уюшмалари конфедерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ректори Гурсед Баярмаа кутиб олди.
Шу куннинг ўзидаёқ томонлар касаба уюшмалари мутахассислари малакасини ошириш, “Меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги”, “Инсон ресурсларини бошқариш”, “Ижтимоий иш” ва бошқа йўналишлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашув якунлари бўйича касаба уюшмалари таълимининг етакчи халқаро стандартлари ва мамлакатларнинг миллий қонунчилиги асосида мавжуд таълим дастурларини яратиш бўйича келишувга эришилди ва икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.