Ҳар бир олий таълим муассасасининг нуфузини, унда таҳсил олаётган талабаларнинг билим ва кўникмаларини белгиловчи муҳим жиҳатлардан бири ахборот-ресурс марказлари саналади. Ушбу марказлардаги китоб заҳираларининг бойлиги, таклиф этилаётган адабиётлар рўйхатининг кенглиги келгусида талабаларнинг мукаммал илм эгаллаб, ўз касбининг усталари бўлиб камол топишининг асосий гаровидир.
Айнан шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида ҳам Ахборот-ресурс марказини мунтазам равишда бойитиш, янги адабиётлар билан тўлдиришга катта эътибор қаратиб келинади. Ахборот ресурс маркази заҳирасини бойитишда нафақат янги нашр этилган китобларни харид этиш, балки муаллифлар томонидан Академияга туҳфа қилинган китоблар ҳам салмоқли улуш касб этиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори, Академик Акмал Холматович Саидов Академия фаолиятини, хусусан, унда амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиш мақсадида 340 дона ўз муаллифлигидаги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда нашр этилган ҳуқуқий адабиётларни, 54 дона миллий марказ муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналлари тўпламини Академия кутубхонасига туҳфа қилди.
2023 йил 9 октябрь куни Академия Мажлислар залида ушбу китоблар тақдимоти ва расман топширишга бағишланган маросими бўлиб ўтди. Унда Академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси қисқа муддатда салмоқли натижаларга эришиб, мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бирига айланиб бормоқда. Ушбу Акаджемияни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан мамнунман, , — деди тантанали маросимда сўзга чиққан Акмал Саидов.