Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси томонидан талабаларнинг билим олиши билан бир қаторда уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2023 йил 7 апрел куни Академияда таҳсил олаётган талабалардан иборат жамоалар ўртасида Академия кубоги учун “Заковат” интеллектуал ўйинининг III тури ўтказилди.
Ушбу турнирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Академия талабаларининг интеллектуал ўйинларга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг интеллектуал билим ва маҳоратларини шакллантириш, билим олишга бўлган интилишларини рағбатлантириш ҳисобланади. Турнирнинг Низомига мувофиқ, 2022-2023 ўқув йили давомида беллашувлар 6 та турдан иборат тарзда ташкил этилади. Низомга кўра, иштирокчи жамоалар ҳар бир турда учтадан раундда 12 тадан, жами 36 та саволга жавоб бериши талаб этилади.
Ушбу мусобақалар Халқаро “Что? Где? Когда?” жамоалари ассоциацияси томонидан ўрнатилган қоидалар асосида ташкил этилди.
Турнирнинг учинчи тури Академия талабаларида интеллектуал ўйинларга бўлган қизиқиш юқори эканлигнини кўрсатди. Ҳар бир раундда берилган саволлар иштирокчи жамоалар томонидан қизғин равишда муҳокама қилинди ҳамда жавоб берилди.
Ушбу интеллектуал беллашувлар келажакда “Заковат” интеллектуал мусобақаси бўйича Академия терма жамоасини шакллантиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.